Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослар (ДТИА) Жаҳон банки консультантлари томонидан ишлаб чиқилди ва 2020 йилда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди. 

Лойиҳа бўйича “Инвестициядан олдинги тадқиқот” (Pre-investment study) ни ўтказиш бўйича консультантни аниқлаш ишлари бошланиш арафасида. Бир йилдан кўпроқ муддат давомида ўрганиш ишлари ўтказилгандан сўнг, халқаро тендер эълон қилинади. Шунингдек, ўрганиш ишлари давомида аҳолидан мазкур лойиҳага ва йўлдан фойдаланиш учун тўловга муносабати сўровнома орқали аниқланади.

Лойиҳалар бўйича ҳали қурилиш ишлари бошланмаган. Икки босқичли очиқ ва шаффоф тендер асосида танланган халқаро инвестор билан ДХШ тўғрисидаги битим имзолангандан кейин қурилиш ишлари бошланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий қиймати 2 млрд. АҚШ долларидан ошади. 340 км. лик йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5-10 йилни ташкил этиши мумкин.

Жаҳон банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобил ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.  

ДШХ тўғрисидаги битим тахминан 40 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа бўйича Президент қарори қабул қилиниши кўзда тутилган бўлиб, мазкур қарорда йўлдан фойдаланувчилар учун нархлар ўзгариши ёки тўловниннг маълум қисми субсидия ҳисобига қопланиши ёхуд йўлнинг бепул бўлиши ва имтиёзга эга бўлган фойдаланувчилар рўйхати шакллантирилиши масалаларига аниқлик киритилади. 

Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўли бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки консультантлари билан битим имзоланди ва ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий капитал харажатлари тахминан 1,5 млрд. АҚШ долларидан ошади. 300 км.лик йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5-8 йилни ташкил этиши мумкин.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобил ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, ва юк машиналари ва автобуслар учун 15-20 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

ДШХ тўғрисидаги битим тахминан 30 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган.

Лойиҳани молиялаштириш давлат бюджетидан эмас, асосан, хусусий шерик, яъни хорижий инвестор томонидан амалга оширилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳали мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар Ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади. Айтилган рақамлар халқни амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича умумий тушунчага эга бўлиши учун маълум қилинди.

Халқаро тажрибага кўра, пуллик йўл қурилганда одатда аҳоли учун бепул алтернатив йўл сақланиб қолади.