Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига рўйхатдан ўтган абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Шу йилнинг 28 июль санасидан бошлаб касбий (ижодий) имтиҳонлар тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси, мусиқий таълим, жисмоний маданият йўналишлари бўйича бошланди.

Ижодий имтиҳонлар университетнинг Чилонзор туманида жойлашган бош биноси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт мажмуасида бўлиб ўтмоқда.

Имтиҳонлар ўтказилишидан олдин абитуриентларнинг рўйхатдан ўтиш вақтида кўрсатган телефон рақамига СМС хабар юборилиб, имтиҳон ўтказиладиган сана, жой ва вақт маълум қилинган.

Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ҳар бир имтиҳон ўтказиш жойи кузатув камералари билан жиҳозланди ва ота-оналар учун фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини махсус ҳавола орқали онлайн кузатиш имконияти яратилди.

Касбий (ижодий) имтиҳон топшираётган абитуриентлар тиббиёт ниқоби ва қўлқоп, ичимлик сув билан таъминланмоқда.