Маълумот учун, Европа Кардиологлар Жамияти бош офиси Франциянинг София Антиполис шаҳрида жойлашган.
Жамият президенти профессор Томас Ф. Люсчер конгрессни очиб бериб, ўз нутқида шундай деди:
— 1949 йилда Европада кардиоваскуляр соҳада янги билимлар ва амалий ютуқларни алмашиш учун ягона платформага эҳтиёж сезилган. Шу боис 1950 йилда 14 та Европа давлатлари бирлашиб, ушбу жамиятга асос солган. Бугунга келиб эса, у 100 мингдан ортиқ аъзога эга катта илмий оилага айланди ва сафимиз йилдан йилга кенгайиб бормоқда.»
Бугунги кунда жамият дунё миқёсида энг нуфузли илмий платформалардан бири сифатида тан олинган.
Диққатга сазовор жиҳати шундаки, бу йилги конгрессда Тошкент давлат тиббиёт университетининг ёш олимлари фаол иштирок этишди. Турли илмий йўналишларда тақдимотлар университетимиз олимларининг жаҳон ҳамжамиятига қўшилаётган ҳиссасидан далолат беради.
Айниқса, ТДТУ 1-клиникаси қон-томир бўлими шифокор-кардиологи, тиббиёт фанлари номзоди (ПҳД) Бобоев Беҳзод Мўминжон ўғлининг чиқиши алоҳида эътироф этилди. Унинг «Коронар атеросклероз» мавзусидаги маърузаси халқаро экспертлар томонидан катта қизиқиш ва мақтов билан қабул қилинди.
Жаҳон миқёсида ёш олимимизнинг илмий ишлари эътироф этилиши – бу Ўзбекистон тиббиётининг қандай ривожланиб бораётганидан яққол далолатдир.
Сўнгги йилларда Тошкент давлат тиббиёт университети дунёнинг кўплаб етакчи илмий марказлари ва клиникалари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйди. Ёш олимлар учун хорижий стажировкалар, қўшма тадқиқотлар ва халқаро анжуманларда иштирок этиш имкониятлари тобора кенгаймоқда. Бу эса, табиийки, мамлакатимиз тиббиёт мактабининг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилмоқда.
Албатта, бундай ютуқлар ортида Президентимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, илм-фан ривожига қаратилган эътибор ва ишончнинг ўрни беқиёсдир. Ёшлар учун яратилаётган имкониятлар бизни янада масъулиятли бўлишга ундайди.
Шу ўринда қаҳрамонимиз – тиббиёт фанлари номзоди Бобоев Беҳзод Мўминжон ўғлига келгуси ишларида улкан ютуқлар тилаймиз. Ишонамизки, у ва унинг сафдошлари бўлмиш ёш олимлар халқимиз саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишда давом этади.
Ёш олимларимизнинг ҳар бир муваффақияти – бу Ўзбекистоннинг, Янги Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги сари ташланган дадил қадамдир
Гулчеҳра Мирзаева,
ТДТУ матбуот котиби.