Болажонлар “Садаф” тўйхонасига чақирилди. Байрам дастурхони ёзилиб, ҳомийларнинг совға-саломлари улашилди. Эл суйган хонандалар иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Университетнинг маънавият ва маърифат маркази раҳбари Шерзод Пўлатов кўмаги билан талабалар турли эртак-қаҳрамонлари образига кириб, саҳна кўринишлари намойиш этди. Болажонлар билан рақсга тушди.

Тадбирда сўзга чиққан университетнинг ёшлар масаласи бўйича проректори Aхрорхон Ҳошимхонов иштирокчиларга самимий тилаклар билдирди. Талабаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга ёрдам бераётганини эътироф этиб, унверситет раҳбарияти ва жамоаси бу борада ҳар қандай ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади. 15-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Дурдона Эргашова юридик унверситети жамоасига миннатдорлик билдирди.

– Биз одатда байрам кунлари ўзимизни ёлғиз ҳис этамиз. Бугун университет устозлари ва талабалари бизни ёлғизлатмади. Aкамиз ўрнида ака, опамиз ўрнида опа, ота-онамиз ўрнида меҳр берган устозларга ва акаларимга ташаккур айтаман. Мана 5 йилдирки бу университет янги йилда ҳам бошқа байрамларда ҳам иссиқ-совуғимиздан хабар олади. Байрам кунлари шаҳарга чақириб ўйнатиб туришлари бизга жудаям ёқади,  – дейди Д. Эргашева.

Байрам якунида ташриф буюрган 200 нафар болажонларга ҳомий устозлар ва талабаларнинг совға саломи улашилди. Таъкидлаш жоизки, университетда контракт тўлашга қийналган талабалар комиссия томонидан (шароити ва ҳужжатлари) ўрганилиб уларнинг контрактини тўланишида ёрдам бериб келинмоқда. Бу каби хайрия тадбирлар инсон қадрига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шермуҳаммад Деҳқонов,

Тошкент Давлат юридик университети талабаси