Тадбир Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигидаги “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат секторининг яшил иқтисодиётга инклюзив ўтишини қўллаб қувватлаш ва иқлимга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги билимлари ва инновацион тизимини ривожлантириш (EU-AGRIN)” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Иштирокчилар дастлаб Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг суғориш технологиялари ва техникаси, гидротехника ва мелиорацияда гидродинамика жараёнларини моделлаштириш ва Мелиоратив техника ва механизмлар лабораторияси ҳамда Saniplast корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган томчилатиб суғориш тизимларини кўздан кечиришди.
— Глобал иқлим ўзгариши натижасида сўнгги йилларда сув танқислиги ва ички ирригация тармоқларининг асосий қисми яроқсиз ҳолатга келганлиги сабаб, суғориладиган экин ерларининг мелиоратив ҳолати ёмонлашишиб бормоқда, — дейди EU-AGRIN лойиҳаси миллий координатори Улуғбек Исламов. — Сув танқислигидан фермер ва деҳқонлар энг кўп зарар кўриб, ҳосилдорлик пасайиб кетмоқда. Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган EU-AGRIN лойиҳаси доирасида юқоридаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида, Тошкент, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги айрим кичик фермер ва деҳқон хўжаликларида Европа тажрибасини қўллаш режалаштирилган. Яъни бу орқали иқлим ўзгаришига мослашиб, ердан самарали фойдаланиш ва сув ресурсларини тежайдиган технологияларни қўллаган ҳолда сувсизликка чидамли экин турларини яратиш ҳамда уларни синовдан ўтказиш орқали деҳқон ва фермер хўжаликларига инновацияларни жорий этишга кўмаклашилади.
Семинарда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлиги ҳолати бузилишининг олдини олиш, сифатли маҳсулот етиштириш борасидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш хусусида атрофлича сўз юритилди. Хусусан, соҳанинг етук мутахассислари томонидан “Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг умумий барқарорлигига эришишда сувнинг аҳамияти: Европа Иттифоқи ва глобал сиёсатининг умумий кўриниши”, “Суғориладиган майдонларда “дала суғориш тизими – SMART” технологиясини жорий қилиш”, “Ер - сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва шўрланган ерлар мелиорацияси”, “Сув хўжалиги тизимини рақамлаштиришда “Ақлли сув” қурилмалари”, “Қишлоқ хўжалигида сув ҳисобини юритиш: инновацион усуллар” ва “Иқлим ўзгариши шароитида сув танқислигини юмшатиш” мавзуларидаги тақдимотлар тингланди.