Бу ҳақда Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Махсус комиссия раҳбари Азиз Абдукахарович Абдуҳакимов брифингда маълум қилди.

Унинг қайд этишича, олиб борилган рейд тадбирлари давомида жами 331 та корхона текширилди. Улардан ҳавони ифлослантираётган 35 та объектнинг фаолияти 10 кунга вақтинчалик тўхтатилди.

"Камчиликларни ушбу муддатда бартараф қилмаган корхоналар фаолияти тўлиқ тўхтатилиб, бу юзасидан суд ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Ушбу камчиликларни бартараф қилмаган «МАХАМ-ЧИРЧИҚ» АЖ фаолияти суд қарорига мувофиқ тўлиқ тўхтатилди.
Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятидаги 434 та қурилиш ташкилотлари расман огоҳлантирилди. 50 тасига нисбатан тегишли чоралар кўрилди. 2056 нафар ҳуқуқбузарларга тегишли жарималар қўлланилди.
Мазкур олиб борилган назорат натижалари таъсирида Тошкент шаҳар ҳавосининг ифлосланиш даражаси бир мунча камайишга эришилди.
24 ноябрь куни 18:00 ҳолатига кўра, 350-400 мг/м³ бўлган бўлсада, 25 ноябрь куни соат 18:00 да 150-200 мг/м³ни ташкил этган» — дейди Махсус комиссия раҳбари.

Сўнгги кунларда давлат томонидан аҳоли саломатлигини асраш йўлида пойтахт ҳавоси сифатини яхшилаш учун қилинган амалий ишлар ўз натижасини бериб, экологияни бир мунча яхшиланишига эришилди.