Мусобақада дунёнинг 5 қитъаси, 71 давлатдан келган 500 га яқин дзюдочи ғолиблик учун курашди.

Ўзбекистон терма жамоаси 2 кумуш, 4 бронза, жами 6 медаль билан умумжамоа ҳисобида 71 давлат орасида 6-ўринни эгаллади.

Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ва Давлат Бобонов (-90 кг) мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритган бўлса, Кемран Нуриллаев (-60 кг), Сардор Нуриллаев (-66 кг), Музаффарбек Тўрабоев (-100 кг) ҳамда Гулноза Матниязова (-70 кг) бронза медалига сазовор бўлди. Кумуш медаль эгалари ўз ҳисобларига 700, бронза медаль соҳиблари эса 500 рейтинг очкосини қўшиб қўйишди.

Япония терма жамоаси медаллар жамғариш бўйича пешқадам бўлди. Дзюдо ватани вакиллари Тошкент “Катта Дубулға” турнирида 9 олтин, биттадан кумуш ва бронза медалини қўлга киритди. Иккитадан олтин ва кумуш, битта бронза медалини қўлга киритган Мўғулистон терма жамоаси 2-ўринни эгаллаган бўлса, кучли учликка биттадан олтин ва кумуш ҳамда 4 бронза медали билан Жанубий Корея терма жамоаси якун ясади.

Тошкент “Катта Дубулға” турнирида жами 24 терма жамоага камида битта медаль насиб этди. Бештагина мамлакат дзюдочилари олтин медаль билан тақдирланди.