Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳокимликнинг қайд этишича, шаҳарнинг марказий кўчаларидаги дарахтлар ҳолати мутахассислар томонидан ўрганилган. Текширувлар давомида 200 дан ортиқ дарахтда турли касаллик ва зарарланиш ҳолатлари аниқланган. Уларнинг аксарияти даволаниб, сақлаб қолинган. Шу билан бирга, айрим дарахтлар биологик фаол бўлса-да, авария ҳолатига келиб қолгани ва зараркунандалар таъсирида кескин заифлашгани маълум бўлди.

Алоҳида аҳамиятга эга кўчаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бошқармаси бошлиғи Дилёр Эсоновнинг маълум қилишича, бошқарма тасарруфида бўлган марказий кўчалардаги кўп йиллик манзарали дарахтлар мутахассис ходимлари томонидан парвариш қилинади. Йилига олти маротаба кимёвий препаратлар ёрдамида ўсимликларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши кимёвий ишлов бериш ишлари олиб борилади.

«Шунга қарамасдан, марказий кўчаларимизда ёмғиргарчилик вақтида манзарали дарахтларимизни ўз ҳолатини йўқотиб, йиқилиб тушиш ҳолатлари тез-тез кузатилиб борилмоқда. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида дарахтларимиздан 270 тасига шакл бериш ишлари олиб борилди. Хавф туғдирувчи дарахт шохлари олиниб, дарахт кесилган жойлари махсус эритмамиз ёрдамида бўяб қўйиш ишлари олиб борилди. Таг қисми билан олиниши керак бўлган 73 та дарахтимиз ҳолати ўрганилди. 73 та дарахтимизнинг таг қисми билан олишимиз шарт. Сабаби, ташқи кўринишида биологик ҳолатини йўқотган, ички ғовак қисмига қурт-қумурсқалар кириб, бир неча йиллар мобайнида жойлашиб олгани ва зарар етказгани аниқланди», — дейди у.

Эсонов қайд этишича, кесилган дарахтлар ўрнига дарахтлар экилади ва ушбу дарахтни парвариш қилиш, дарахт ҳолатига келтиришни бошқарма ўз мажбуриятига олади — бу бошқарманинг бевосита иши ҳисобланади.

Тошкент шаҳар экология бошқармаси бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамов таъкидлашича, дарахтлар Ободонлаштириш бошқармаси, Экология бошқармаси ва Ботаника боғи илмий ходимлари билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб ўрганиб чиқилган.

«Авваламбор, биз зараркунандалар билан курашиб кўрдик. Афсуски, айрим дарахтлар 50 фоиздан юқори даражада зараркунандалар билан касалланиб бўлган. Фойдаси йўқ. Кесиб ташламасангиз, унинг ёнидаги дарахтларга ҳам ўша зараркунандалар ўтиши эҳтимоли жудаям юқори. Шу сабабли, биз шу қарорга келдик», — дейди Эгамов.