Текширувларга кўра, Тошкент вилояти ҳокимлиги бошқармаси ходими, Тошкентдаги нотариус ёрдамчиси, риэлтор ва яна бир шахс ўзаро тил бириктириб, тадбиркорни алдашга уринган. Уларнинг режасига кўра, Чирчиқдаги МЧЖга тегишли 8,5 гектар ер майдонини 6 млн 800 минг долларга сотиш, Қурилиш учун рухсат, коммуникация (газ, электр, оқова) чиқариб бериш эвазига яна 500 минг доллар талаб қилишган. Жами 7 млн 300 минг доллар.
ДХХ, ИИВ ва Департамент ходимлари ўтказган тезкор чора-тадбирда гуруҳ аъзолари 160 минг долларни олган вақтда қўлга олинди. Тергов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан олиб борилмоқда.
Яна бир ҳолатда — 1986 йилда туғилган шахс Яшнобод туманидаги 80 м² ер майдонини 49 йилга «Э-аукцион» орқали ижарага олган. Қурилиш кечиккани учун ҳокимлик шартномани бекор қилдириш бўйича судга мурожаат қилган, аммо тадбиркор ҳужжатлар тақдим этгач, суд унга фойдасига қарор чиқарган.
Суд жараёнида иштирок этган туман ҳокимлиги бош юрисконсульти эса қарор устидан шикоят берилмаслиги учун тадбиркордан 5 минг доллар талаб қилган.
ДХХнинг Бишкек шаҳар бошқармаси ва Департамент ҳамкорликда ўтказган операцияда юрисконсульт 4 минг долларни олган пайтда ушланди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в» банди билан иш очилган ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.