Натижада, автомашинада интернет орқали фаолият юритувчи наркодўконга алоқадор бўлган 1993, 1994 ва 1995 йилларда туғилган уч нафар пойтахтлик фуқаро борлиги аниқланди. Улардан 37 дона “Тропикамид” ҳамда таркибида прегабалин сақлаган 124 дона капсула ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор тадбир давомида интернет наркодўконнинг “закладчик”лари сифатида фаолият юритган, 1998 йилда туғилган икки нафар шахс ҳам ушланди. Улар томонидан пойтахтнинг турли ҳудудларида “закладка” усулида яширилган жами 1186 дона “Прегабалин” ва 125 дона “Тропикамид” аниқланиб, олиб қўйилди.
Маълум бўлишича, мазкур кучли таъсир қилувчи дори воситалари Сергели туманида жойлашган нарколабораторияда тайёрланган. Ушбу манзил холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 1987, 1993, 1995 ва 2000 йилларда туғилган тўрт нафар шахс дориларни тайёрлаш билан шуғулланаётгани аниқланди.
Хонадондан 5130 дона “Прегабалин” капсулалари ва 10 кг “Прегабалин” моддаси, 75 дона “Тропикамид” флакони ва 6 кг ушбу модда, шунингдек 60 минг дона бўш капсула ва флаконлар ҳамда лаборатория жиҳозлари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида 1987 йилда туғилган шахснинг Шайхонтоҳур туманидаги хонадони текширилди.
Текширув натижасида унинг уйи ва автомашинасидан 16 227 дона “Прегабалин”, 7 947 дона “Регапен”, 35 дона “Лирика” ва 14 дона “Перге” — жами 24 223 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
Терговга қадар текширув давомида ушбу дорилар Қирғиз Республикасидан Фарғона вилояти орқали контрабанда йўли билан олиб кирилгани аниқланган. Гумонланувчи уларни 34 минг АҚШ долларига сотиб олиб, Тошкент шаҳрида қайта сотиш орқали даромад топишни режалаштирган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда унинг Фарғона вилоятидаги жиноий шерикларини аниқлаш ва қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.