Фахриддин Абдурахимов:
2023-йил март ойида мен Google веб-сайти орқали дастурий таъминот муҳандиси лавозимига ариза топширдим. Кўп ўтмай, ишга ёлловчи мен билан боғланди ҳамда биз 15-20 дақиқа давомида суҳбат қилдик. Суҳбат давомида мен ўзимни таништирдим ва нима сабабдан Google компаниясини танлаганим ҳақида умумий маълумот бериб ўтдим. Шундан сўнг, мен билан биринчи расмий суҳбатни ўтказиш режалаштирилди. Умумий ҳисобда 5та суҳбат бўлиб ўтди.
Август ойида мен Google компанияси таклифини қабул қилдим ва виза олиш жараёнлари бошланди. Буларнинг барчаси мен учун унутилмас тажриба бўлди.
Ушбу ютуқларга эришишимда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг ҳиссаси катта деб ҳисоблайман. Бу ерда мен нафақат дўстлар орттирдим ва фундаментал билимларни ўргандим, балки ўз соҳасининг профессионалларидан бебаҳо тажриба ва билимларга ҳам эга бўлдим.
Дастлаб Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига топширишимга сабаб доимо ёнимда бўлган, қарорларимни қўллаб-қувватлаган ва қийин дамларда йўл-йўриқ кўрсатган ота-онамнинг маслаҳатлари туртки бўлган. Ҳар бир ишда оиламнинг қўллаб-қувватлаши менинг шахсий ва касбий ривожланишим учун мустаҳкам пойдевор бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
— Ўз тажрибангиз асосида талабаларга қандай маслаҳат берасиз?
— Яхши ўқинг:
университетда қурилган пойдевор сизнинг келажакдаги мартабангиз асоси бўлади. Барча алгоритмик суҳбатларда назарий (дискрет математика, чизиқли алгебра) ва амалий (операцион тизимлар, маълумотлар базалари) масалаларнинг оптимал ечимлари муҳокама қилинади. Тизимларни таҳлил қилиш каби соҳалардаги билимлар кундалик ҳаётда фойдали бўлади.
ICPCда иштирок этинг:
Талаба дастурлаш олимпиадаси (ICPC) алгоритмик масалаларни ҳал қилишда кучли томонларингизни синаб кўриш учун ноёб имкониятларни тақдим этади. Финалга чиқиш нафақат сизнинг ажойиб малакангизни тасдиқлайди, балки ишга ёлловчиларнинг эътиборини тортади. Бундан ташқари, мен платформаларга эътибор беришни тавсия қиламан: Codeforces.com ва Kaggle.com, бу ерда сиз ўз маҳоратингизни намойиш қилишингиз ва қизиқарли лойиҳаларда иштирок этишингиз мумкин.
Ҳакатонларда иштирок этинг:
Ҳакатонлар ўзингизни турли ролларда синаб кўриш имкониятини беради, масалан, ишлаб чиқувчи, лойиҳа менежери, UX/UI дизайнери ва бошқалар. Бу, шунингдек, маҳорат арсеналингизни кенгайтириш учун ҳам ажойиб имкониятдир.
Турли учрашувлар ва конференцияларда иштирок этинг:
Учрашувлар, маърузалар ва конференцияларда иштирок этиш келажакдаги мартаба йўлингизда фойдали бўлиши мумкин бўлган профессионал тармоқни яратишга ёрдам беради.
Янги билимларга чанқоқ бўлинг:
Мартаба йўли бошида барча нарсани билмаслик бу одатий ҳолдир. Саволлар беришга, фикр-мулоҳазаларни қабул қилишга ва доимий равишда ўз устингизда ишлашга тайёр бўлинг. Янги билимларни ўрганишга ҳамиша очиқ бўлиш — бу профессионал соҳада муваффақиятга эришишнинг асосидир.
— Ўз карьерасини бошламоқчи бўлган талабалар учун иш тажрибангиздан келиб чиққан ҳолда қандай асосий йўналишларни айта оласиз?
— Ўз йўлингизни танлашда муросага келманг:
Сизни чиндан ҳам илҳомлантирадиган соҳани танланг ва унга чуқурроқ кириб боринг. Университетдаги жамоавий лойиҳалар ва ҳакатонларда иштирок этиш сизнинг қизиқишларингизни аниқлашга ёрдам беради. Сизни илҳомлантирадиган йўналишда сиз ўзингиз учун қизиқ бўлмаган йўналишга қараганда тезроқ ривожланасиз.
Савол беришдан қўрқманг:
Фаолиятингизнинг бошида аниқ ёки аҳмоқона кўринган саволлар бериш мутлақо нормал ҳолат. 4 йил давомида бирор нарсани тушуна олмагандан кўра, атиги 5 дақиқа «аҳмоқ» бўлган афзал. Ёдда тутингки, ушбу босқичдан ўтган ҳар бир киши таълимнинг муҳимлигини тушуниб етади.
Муҳим маълумотларни ёзиб олишга ҳаракат қилинг:
Иш жараёнида, сизга бирор нарса ҳақида тушунтириш берилаётганда уларни ёзиб боришга ҳаракат қилинг. Иложи бўлса, телефон суҳбатларни ёзиб олиш учун рухсат сўранг. Такроран берилган саволлардан кўра қўпол саволлар афзалроқдир ва диққат билан маълумотларни қайд қилиш янги тушунча ва муаммоларни тезроқ ўзлаштиришингизга ёрдам беради.