Авввал хабар берганимиздек, 3-5 март кунлари Тошкент дзюдо бўйича "Катта дубулға" турнирига мезбонлик қилади. Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, мазкур турнирда иштирок этувчи давлатлар сони маълум бўлди. Халқаро дзюдо федерациясининг маълум қилишича, 51 давлатдан 378 нафар спортчи мазкур мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтказилган.
Мусобақа Париж-2024 Олимпия ўйинларига қимматли рейтинг очколарини тақдим этиши билан янада аҳамиятли. Унда ўз вазн тоифасида ғалаба қозонган спортчи бу йўлда 500 очкога эга бўлади.
Ҳозирда турнир иштирокчилари бирин-кетин Тошкентга етиб келишмоқда. Айни пайтгача Япония, Хитой, Хитой Таипейи, Туркия, Туркманистон, Словения каби терма жамоалар пойтахтимизга ташриф буюрган.