Инновацион ҳафталикнинг очилиш маросимида академияни янги ғоя ва ишланмалар базасига айлантириш, устоз-шогирд мактабларини такомиллаштириш, янги ғояларни рағбатлантириш ҳақида сўз юритилди. Ҳафталикнинг биринчи кунидаёқ ёшларнинг билимга чанқоқлиги, янги ғоя ва ишланмаларга креатив ёндашуви яққол кўринди. Янги ишланмалар тақдимотида, айниқса, академиянинг анатомия ва травматология кафедраси ёш олимлари анча фаол бўлди.
— Кўплаб мамлакатларда биз ишлаб чиққан усулларни фаолиятига жорий қилмоқда. Масалан, травматология бўлимини олайлик. Шогирдларимнинг деярли барчаси фанда нимадир янгилик қилишга интилади. Бу эса устоз сифатида мени қувонтиради. Инновация ҳафталиги учун тақдим этилган мана бу қурилмани бир аспирант шогирдим ихтиро қилди. Травматолог олимлар ихтиро қилган янги қурилма жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг иккинчи куннинг ўзидаёқ беморнинг ўрнидан туриб мустақил ҳаракатлана олишига ёрдам беради. Бу қурилма бор оғирликни ўзида сақлаб, беморнинг ҳаракати учун қулайлик яратади, — дейди ТТА профессори Саодат Асилова.
Инновация ҳафталигида академия факультетларидаги илмий ишлар салоҳияти яна бир бор ўзи намоён этди. Масалан, ҳафталикка қўйилган ЛОГОС — афазияни тиклашга мўлжалланган ўзбек тилидаги биринчи миллий мобил иловани олайлик. Миллий инсульт регистрининг кўрсаткичига кўра, ҳар йили республикамизда 60 мингдан зиёд одам инсульт билан хасталанади. Уларнинг учдан бир қисмида нутқ бузилиши, яъни афазия кузатилади. Афазияли беморларни логопед ва неврологлар даволайди, аммо бундай ёрдамга мухтож беморлар кўп. Афазиологлар эса республикамизда саноқли. Намойиш этилган ЛОГО иловаси мана шу жараённи осонлаштиради.
— Ҳар йили академиямизда шундай янги илмий ишланмалар мусобақаси бўлиб туради. Ёш олимларимиз янги ишланмалари билан иштирок этади. Айни кунда академиямиз кўплаб ривожланган мамлакатлар тиббиёт олийгоҳлари ва нуфузли клиникалар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ёш олимларимизнинг академик алмашинувларда мунтазам қатнашиб келаётгани эвазига йил сайин янги ишланмаларимиз сони ортиб бормоқда, — дейди ТТА илмий ишлар проректори Феруза Азизова. — Бу эса академия ўқув жараёнига янги ахборот ва педагогик технологияларнинг жорий этилаётгани, дунёнинг кўзга кўринган олий таълим муассасалари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик натижасидан дарак беради.
Тошкент тиббиёт академияси ўқув жараёнига рақамли технологияларнинг жорий этилиши таълим муассасаси олдида турган энг асосий вазифа — таълим сифатини яхшилаб, кадрлар рақобатбардошлигини ошириш, муҳими, халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш орқали таълимни трансформация қилишга ёрдам беради. Илм учун кенг имконият очиб бераётган, янги ғояларни ишга туширишга туртки бўлаётган инновация ҳафталигининг муҳим жиҳати ва асл моҳияти шунда, назаримизда.
Гулчеҳра МИРЗАЕВА,
Тошкент тиббиёт академияси
матбуот котиби