Ушбу қарорга мувофиқ ҳарбий тиббиёт мутахассисларининг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилади, шу пайтгача ўзлаштирилган кўникмалар замонавий талабларга мослаштирилади.
Ҳарбий тиббиёт кадрларни тайёрлаш ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига самарали тиббий ёрдам кўрсатишда янгича инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланишнинг замонавий усул ва ёндашувлари жорий этилади.
Янги ташкил этилган Ҳарбий тиббиёт академияси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлайди. Бунинг натжасида захира ва резервдаги тиббиёт хизмати офицерлари етиштириб бериш борасида ишончли қадам қўйилди. Энг муҳими, ҳарбий тиббиёт амалиётидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилди.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ҳарбий тиббиёт академиясида таҳсил олиш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичи ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини тамомлаган, ўқиш якунлари бўйича энг юқори натижа кўрсатган, ўқишини Ҳарбий тиббиёт академиясида давом эттириш ва келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади. Академия курсантларининг ўқиш муддати — икки босқичли мажбурий ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида икки йилдан иборат.
Гулчеҳра Мирзаева,
Тошкент тиббиёт академиси матбуот котиби.