Kуни кечa Тошкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига шу туманда яшовчи фуқаро ўзи яшаётган уй ҳовлисида хавфсизлик қоидаларига амал қилмай Африка шери боласини боқаётгани ҳақидаги хабар келиб тушган.

Мурожаатга асосан тезкорлик билан гуруҳ шакллантирилиб, айтилган манзилда ўрганиш олиб борилган. Натижада ҳолат ўз тасдиғини топган. Бу уйда вақтинча яшовчи, пойтахтда доимий рўйхатда турган фуқаро Ш.А. (2004 йилда туғилган) Африка шери боласини боқаётгани маълум бўлган.

Ўрганишлар давомида фуқародан ушбу шер боласини олиб келиш, сақлаш каби ҳолатлар бўйича керакли ҳужжатлар сўралганда ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтиб, ўзининг қизиқиши туфайли ҳовлисида боқишини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент тумани Экология бўлими инспекторлари томонидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, далолатномалар тузилди ва вақтинча сақлаш учун шер боласи "STEPPE TURTLES" ф/х питомнигига суд қарори қабул қилингунига қадар топширилди.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.