Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто раислигида иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Венгрия ҳукуматлараро комиссияси (ҲК)нинг 6-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида инвестициявий, саноат, савдо-иқтисодий, банк-молия ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро шериклик масалалари кўриб чиқилди.

2020 йилда Ўзбекистон – Венгрия савдо айланмаси ҳажми 2019 йилдагига нисбатан 50 фоиздан ошган. Шу нуқтаи назардан, ҲКнинг роли қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суришнинг самарали механизми сифатида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, йиғилиш доирасида томонлар ўзаро савдо кўрсаткичларини сезиларли даражада ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, кимё, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари саноати каби соҳаларда саноат кооперациясининг қўшма лойиҳаларини ишлаб чиқишни фаоллаштириш бўйича амалий тадбирларни ҳаётга жорий этиш тўғрисида келишувга эришдилар.

Томонлар Ўзбекистон – Венгрия ишбилармонлар Кенгаши - иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш учун янги платформанинг ишга туширилишини олқишлади. Унинг асосий вазифаси икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон ҳамда Венгрия тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишдан иборат бўлади.

Венгриядаги молия ташкилотларининг Ўзбекистон банк тизимини хусусийлаштиришдаги иштирокини назарда тутган ҳолда, Банк-молия соҳасида эришилган муваффақият юқори баҳоланди. Ушбу ташаббус доирасида, шунингдек, савдо ва экспортолди молиялаштириш, хавфларни бошқариш ҳамда банк талабларига риоя қилишни таъминлаш каби йўналишларда Ўзбекистон банклари ходимларининг малакасини ошириш учун семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Тадбир давомида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида Ўзбекистон – Венгрия Ишбилармонлик кенгашини тузиш тўғрисида битим, Тошкент ва Пештен вилоятлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида Меморандум, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Венгрия «ArchEnerg International Cluster» саноат кластери ўртасида муқобил энергия ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ахборот билан таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида Меморандум ва алоҳида соҳаларда бошқа битимлар имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.