Хабарингиз бор, пандемия туфайли Токио Олимпиадаси келгуси йилга қолдирилди.

Тошкент вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасидан маълум қилишича, вилоят ҳоким Рустам Холматов бир гуруҳ спортчилар ва мураббийларни қабул қилди.

Дўстона руҳда бўлиб ўтган суҳбатда вилоятда оммавий спортни ривожлантириш, Олимпия ўйинлари таркибига киритилган спорт турларига эътиборни кучайтириш, муваффақиятга эришган спортчи ва мураббийларни рағбатлантириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида вилоят ҳокими Токиода бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган спортчилар – Элнур Абдураимов (бокс), Турсуной Раҳимова (бокс) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика)га «Жентра» русумли автомашина калитларини топширди.

Вилоят ҳокими шунингдек, ушбу спортчиларнинг мураббийлари – бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Тўлқин Қиличев, бокс бўйича мураббий, Олмалиқ шаҳридаги БЎСМ директори Озод Ҳасанов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Тошкент вилояти вакили Азамат Турабовга ноутбук совға қилди.

Аввалроқ вилоят ҳокими томонидан Токио Олимпиадасига йўлланма олган яна бир спортчи – Элмурод Тасмуродовга уй совға қилинган эди.