Шу муносабат билан Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Владимир Жонибековнинг хонадонида бўлиб, у кишининг ҳолидан хабар олди ҳамда отахоннинг босиб ўтган йўллари, ҳаётий тажрибалари, болалик хотиралари ҳақида суҳбатлашди.

В.Жонибеков кекса авлодга эътибори учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирди.

Учрашув давомида туманда Владимир Жонибековнинг уй музейи ташкил этилиш бўйича вилоят ҳокими мутасаддиларга топшириқ берди.

Маълумот учун: Владимир Жонибеков 1942 йил 13 майида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Искандар қишлоғида туғилган. Жонибеков биринчи космик парвозини 1978 йил 10-16 январь кунлари “Союз-27” космик кемасида Олег Макаров билан биргаликда (ОС) “Салют-6” орбитал станциясига биринчи ташриф буюрадиган экспедиция қўмондони сифатида амалга оширди. Ўшанда парвоз давомийлиги беш кун 22 соат 58 дақиқани ташкил этган.

Учувчи-космонавт коинотга беш маротаба – 145 кун 15 соат 58 минут парвоз қилган.

Жонибеков тасвирий санъат билан ҳам шуғулланган. Унинг космос мавзудаги баъзи расмлари бадиий кўргазмаларда намойиш қилинган. Помир-Олой тоғларидага мутлақ баландлиги 4912 м бўлган чўққи “Владимир Жонибеков чўққиси” деб аталган (1985). Тошкентдаги Космонавтлар хиёбонида Жонибековга бюст ўрнатилган (1984).