Бўка тумани ИИБ томонидан терговга жалб қилинган гумонланувчи шахснинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари давомида икки нафар тезкор ходим қамоққа олинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудида содир этилган қатор ўғирликларда гумонланиб, сўроқ қилинган Юқоричирчиқ туманида яшовчи 36 ёшли У.С. вафот этган эди.

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 235-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, воқеага алоқадор бўлган 2 нафар тезкор ходимлар Ж.Д. ва Ғ.Ш.лар ҳибсга олинган.