Жумладан, унутмаслик керакки, йўл-транспорт ҳодисалари, аввало, айрим ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини яхши билмаслиги, унга қатъий амал қилмаслиги, мураккаб об-ҳаво шароитини инобатга олмаслиги, техник носоз транспорт воситаларидан фойдаланиши натижасида содир бўлади, дейилган.

«Қишда, айниқса, байрам ва дам олиш кунлари кўплаб юртдошларимиз оилалари, дўстлари билан биргаликда тоғли ҳудудларга дам олишга боради. «Чимён», «Амирсой» каби жойларга интилувчилар, байрам кунларини ўша ҳудудларда ўтказишни истовчилар кўпаяди. Шу боис, биринчи навбатда, техниканинг ҳолатига алоҳида эътибор қаратинг. Руль бошқаруви ва тормоз тизимида носозликлар бўлган транспорт воситаларидан фойдаланманг. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, протектор излари едирилиб кетган балонлар хавфли ҳолатларни юзага келтиришини унутманг. Ўта зарур эҳтиёж бўлмаса қорли, қировли кунларда тоғли ҳудудлар бўйлаб транспорт воситасида ҳаракатланманг.

Байрам кунлари ёзиладиган дастурхонда спиртли ичимликлар истеъмол қилманг. Сиз билан транспорт воситасида юрган яқинларингиз ҳаётини ўйланг.

Байрам кунлари мактаб ўқувчилари таътилга чиқишади. Шу сабаб уларни назорат қилишни унутманг. Катта йўл ёқаларида ўйнашига йўл қўйманг.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати интизомли, қоидаларга амал қилувчи ҳаракат иштирокчиларига ўз миннатдорлигини билдиради. Йўлингиз ҳамиша равон, ҳаётингиз фаровон бўлсин», дея якунланади мурожаат.