Тошкент вилоятида 2022 йилда Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари юзасидан «Йўл харитаси» бўйича амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Вилоят раҳбари раислигида ўтган йиғилишда секторлар раҳбарлари, тегишли бошқармалар вакиллари, лойиҳачи ва қурилиш ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Мавзу юзасидан Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Холмирза Ниёзов атрофлича ахборот берди.
Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг стратегияси тўғрисида» ги фармони ижроси доирасида белгиланган вазифалар ва мақсадлар асосида Тошкент вилоятининг қишлоқ хўжалиги тармоқларида кенг кўламли ишлар қилинади. Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан туманларда пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига деҳқон хўжаликлари ташкил этиш ва бу йилги ҳосил учун қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш кўрсаткичларини ошириш кутилмоқда.
Пахта ва ғалладан қисқартириладиган 5,5 минг гектар ер майдонлари аҳолига 25 сотихдан 1 гектаргача очиқ танлов асосида узоқ муддатли ижарага берилиб, ишсиз 32,5 минг нафар «Ёшлар дафтари», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари» га киритилган аҳоли бандлиги таъминланади. Ушбу майдонларда сабзавот, полиз, картошка ва дуккакли экинлар етиштириш кооперация қилиниб, «Бир ҳудуд – бир маҳсулот» тамойили асосида ташкил қилинади. Аҳоли хонадонларига бириктирилган жами 31,6 минг гектар ер майдонларида эртаки (баҳорги), такрорий (ўртаки) ва тўқсонбости экинлардан 340 минг тонна маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилади. Жорий йилда 55 та «Томорқа хизмати» МЧЖ ташкил этилади. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги 80 та аҳоли томорқаларига артезиан қудуқлари қазиб, сув чиқарилади. Шунингдек, парранда боқишни ташкил этиш орқали 1,7 мингта оиланинг қўшимча даромад олишига имкон яратилади.
Хусусан, Қуйи Чирчиқ туманида куркачиликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар борлигини инобатга олиб, 400 та оилада 50 бошдан жами 20 минг бош курка боқиш режалаштирилмоқда. Вилоят бўйича жами 1 миллион 170 минг, шундан 1 миллион 86 минг бош парранда, 33,3 минг бош қуён, 16 минг та асалари уяси ва 35 минг бош қўй-эчкилар аҳоли хонадонларига тарқатилади. Бу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли бандлиги таъминланиб, даромади ошади. Тақдимот давомида соҳа мутасаддиси фойдаланишдан чиққан қишлоқ хўжалиги ерларини тиклаш ва янги ерларни ўзлаштириш ҳақида ҳам айтиб ўтди. Жумладан, вилоятда қўшимча 5,4 минг гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади. Мазкур жойлар мева-сабзавот, доривор ва озуқа экинларини етиштириш учун танлов асосида аҳолига ажратилади.
Электр энергия тортиш ва қудуқ қазиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилиши мақсад қилинган. Паркент, Қибрай, Пискент, Юқори Чирчиқ, Янгийўл, Оҳангарон ва Бўстонлиқ туманларида иқтисодий самарасиз бўлган 3,1 минг гектар боғ ва 4,2 минг гектар токзорлар тўлиқ янгиланади. Янги ўзлаштириладиган ва лалми ерлар ҳисобидан ушбу ҳудудлардаги 1,9 минг гектар майдонда интенсив боғ ва 2,5 минг гектар токзорлар барпо этилади. Боғдорчилик илмий-тадқиқот институти ва Аграр университетининг «in vitro» лабораторияларидан самарали фойдаланган ҳолда, Тошкент, Паркент ва Қибрай туманларида йилига 900 минг дона мева ва ток кўчатларини етиштириш (питомниклар) ташкил этилади.
– Барча ҳокимлар эшитсин, одамларга озиқ-овқат бермасак, бозор қиммат бўлса, ҳаммамизга баҳони халқ беради, – деди Зойир Мирзаев. – Бу йил қиладиган ишларимизнинг кўлами катта бўлади. Фақат ёндашув замонавий бўлсин. Керак бўлса Зангиота, Янгийўл, Бўстонлиқ ва Қибрай туманлари хориждан малакали мутахассислар топиб, ҳокимга қишлоқ хўжалиги бўйича маслаҳатчи қилиши ва улар тажрибасидан самарали фойдаланиши мумкин.
Мулоқотда соҳа мутахассисларига тармоқ хўжаликларида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан зарур вазифалар белгилаб берилди.