Мазкур сиёсий тадбир халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Барча ҳудудларда бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам сайловга қизғин тайёргарлик ишлари амалга ошириляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Календарь режаси ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари асосида 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси томони ўз фаолиятини олиб боряпти.

Бугунги кунда вилоят бўйича 963 та сайлов участкалари ташкил этилган бўлиб, аҳоли учун қулай ҳудудларда бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун сўнгги беш йил ичида жойларда янги қурилган бино ва иншоотлар танланди.

Жойларда жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда, биноларга нишаб йўлаклари (пандус) барпо этилди. Шунингдек, вилоят бўйича 22 та сайлов участкаларида сайлов жараёнлари онлайн кузатилиб боришга тайёрланди.

Сайлов участкаларида Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19)ни тарқалиши хавфини олдини олиш тўғрисида»ги йўриқнома асосида ишлар ташкил этилган. Комиссия аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланади.

Маълумки, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида, яъни бугун 2021 йил 14 октябрдан бошланди ва сайловга уч кун қолганида тўхтатилади. Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади.

Бунинг учун Тошкент вилоятидаги сайлов участкаларида барча шароитлар яратилди, етарли сайлов бюллетенлари билан таъминланган. Хусусан, биринчи кун натижалари бўйича 243 та сайлов участкасида жами 625 нафар сайловчи ўзи танлаган номзодга муддатидан олдин овоз берди.

10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси матбуот хизмати.