Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори асосида, Адлия вазирлиги томонидан ҳоким қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон “E-qaror” тизими татбиқ этилди. Мазкур тизим жорий йил бошида Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилмоқда. Эксперимент доирасида аниқланган камчилик ва муаммолар бартараф этилиб, ушбу амалиёт 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилиши назарда тутилган.

Шу мақсадда, Адлия вазирлиги Ишчи гуруҳи томонидан вилоятда масъул ташкилот ходимлари учун Zoom дастури орқали онлайн тарзда семинар-тренинглар ташкил этилди. Шунингдек, Тошкент вилоятида мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, муддатидан олдин вилоят ҳокимлиги ва вилоят даражасидаги 44 та ташкилотлар томонидан белгиланган ҳужжатлар тайёрланиб, E-qaror тизимини жорий этилди.

– Янги электрон тизимнинг устунлик томонлари кўп, – дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Сардорбек Азизов. – Чиқарилаётган қарорларни тўғридан-тўғри “E-qaror” электрон тизими орқали кенг жамоатчилик бемалол кузатиши мумкин. Шунингдек, қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланади. Ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилади. Соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиб, фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва роли ошади.

Бу йўналишдаги ташкилий ишлар вилоят раҳбари Д.Ҳидоятов ташаббуси билан муддатидан олдин амалга оширилганлиги боис, бугун илк бор 4та қарор электрон тарзда имзоланди.

Мазкур тизимнинг узвий давоми сифатида вилоятнинг барча туман-шаҳар ҳокимликларида жорий этилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳозирда саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.