Тошкент вилояти ҳокими ҳузурида масъул комплекс раҳбарларининг қурилиш, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, туризм, иқтисод соҳасида 2022 йилда янги иш ўринларини яратиш бўйича тақдимотлари кўриб чиқилди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги расмий манбаларида хабар берилди.
Вилоят бўйича бугунги кунда жами бўш иш ўринлари сони 39 мингдан ортмоқда. Яъни, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ишсизлар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар, битирувчилар бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятда бир қатор ишлар қилинмоқда.
Жумладан, 2022 йилда молия-иқтисод, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш йўналишида 146 минг 791 та янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Хусусан, инвестиция соҳасида жорий йилда 464 та, умумий қиймати 17,7 трлн. сўмлик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 20 мингга яқин иш ўринлари яратиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси таҳлил қилинганида, жами 229 мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш кўзда тутилди. Биргина такрорий экин учун ажратилган ер майдонларида 20 фоизга яқин аҳолининг бандлиги таъминланади. Туризм мажмуасида эса 13 ярим мингта иш ўрни яратилиши сарҳисоб қилинди.
Зойир Мирзаев мазкур лойиҳалар бўйича босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлар, энг биринчи қадамлар нималардан иборат бўлиши лозимлиги юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этди ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.