Шу муносабат билан Тошкент вилоятида бўлиб ўтган тадбирлар муҳим адабий жараёнларга бой бўлди. Кун аввалида ижодкорлар гуруҳларга бўлинган ҳолда вилоятнинг сўлим Паркент ва Юқори Чирчиқ туманларига жўнаб кетди.
Қорақалпоқ адабиёти кунлари доирасида ижодий гуруҳ аъзолари иштирокида Паркент туманидаги 29-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳамда Юқори Чирчиқ туманидаги Миллатлар дўстлиги маданият саройида адабий учрашувлар ўтказилди, дилбар куй-қўшиқлар янгради.
Шундан сўнг меҳмонлар Заркент қишлоғи ҳудудидаги бепоён узумзорларга саёҳат қилди.
Қорақалпоқ ижодкорларига “Паркент” ижод уйида тушлик дастурхони ёзилди. Бундан ташқари, делегация аъзолари замонавий ижод уйининг имкониятлари ҳамда у ерда қаламкашлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Куннинг иккинчи ярмида Чирчиқ давлат педагогика университетида ташкил этилган якуний тадбирлар унутилмас таассуротларга бой бўлди. Тадбирлар доирасида таниқли қорақалпоқ адиби Шарап Уснатдинов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган ижодий анжуман ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.