Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати хабар беришича, ИИББ ЙҲХБга Қибрай туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ғ.С. мурожаат қилиб, узоқ йиллар траснпорт воситасини уйида сақлаб, илгари фуқаролиги бўлмагани, шу сабаб фуқаролиги йўқ шахсларга бериладиган давлат рақам белгисини олгани, ҳозирда эса Ўзбекистон фуқаролиги берилгани сабаб транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини алмаштириб, бошқа давлат рақам белгиси беришни сўраган.

Ушбу транспорт воситасига тегишли маълумотларни ва транспорт воситаси агрегат рақамларини Чирчиқ шаҳрида жойлашган 2-сонли РЎваИОБ инспектори, катта сержант М.Холмедов Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ягона автоматлаштирилган ҳисоб тизимидан текширганида автомобиль 2000 йил 12 март куни Россиянинг Оренбург вилоятидан олиб қочилгани ҳамда қидирувда экани аниқланди.

Худди шунга ўхшаш воқеа Тошкент туманида яшовчи фуқаро И.А. билан ҳам содир бўлди. У яхши ниятлар билан “ГАЗ-330202” русумли транспорт воситасини сотиб олади. Расмийлаштириш учун ДЙҲХХга олиб келганида унинг агрегат рақами Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Ягона автоматлаштирилган ҳисоб тизимидан текширилади. Текширув ушбу транспорт воситаси 2011 йилдан буён қидирувда экани, уни номаълум шахслар Россиядан олиб қочгани маълум бўлади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, транспорт воситаларининг агрегат қисмларини сотувчига пулни беришдан аввал текширтириш ҳар томонлама фойдали экан. Буни ҳамма билиши шарт.