Хусусан, иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича давлатимиз томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаевнинг Бекобод шаҳар 19-сонли мактаб ҳамда Бўка туманидаги 1-сонли касб-ҳунарга ўқитиш марказида бир гуруҳ фаоллар билан ташкил этилган суҳбати ҳам айни шу мавзуда бўлди.
Вилоят етакчиси мазкур муассасалар фаолияти билан танишди. Ўқув хоналарини кўздан кечирди, соҳа мутасаддилари билан суҳбат қилди.
Мулоқотда вилоятнинг 12 туман ва шаҳарида кўзда тутилган Президент мактабларини ташкил этиш, хусусан, ушбу таълим муассасаларини ҳам Президент мактабига айлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, ётоқхона ва ошхона биноларини қуриш, коммуникация тармоқларини яхшилаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини молиялаштириш юзасидан таклиф ва топшириқлар берилди.
Маълумот учун: Бекобод шаҳар 19-сонли мактаб 2008 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 2021 йилда жорий таъмирдан чиқарилган. Бино қуввати 540 ўринли бўлиб, 18 та ўқув хонаси мавжуд.
Шунингдек, Бўкадаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби 1973 йилда қурилган. 2003 йилда қайта реконструкция қилинган бўлиб, қуввати 670 ўринли, 17 та синф хонаси мавжуд.
Эслатиб ўтамиз: вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Зангиота, Ўрта Чирчиқ, Паркент тумани ҳамда Янгийўл, Оҳангарон, Ангрен шаҳарларида ҳам махсус ихтисостирилиши режалаштирилган таълим масканлардаги шарт-шароит, масала ва муаммоларни ўрганади, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.