Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, вазирликлар ва идораларидан масъул раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда мутасаддилар томонидан президентимизнинг қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, вилоятда 2021-2024 йилларда қўшимча 11 минг 13 гектар, шундан фермер ва кластерларда 8 минг 963 гектар, аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида 2 минг 50 гектар узумзорлар барпо этиш белгиланган.
Вилоятда узумчилик ва виночиликни ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини оширишда қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳада кластер тизимини жорий этиш ҳамда аҳоли хонадонларида узум етиштиришни кенг йўлга қўйиш борасида вазифалар кўриб чиқилди. Ҳозир ҳудуддаги барча тоифа хўжаликларида жами 16,5 минг гектар токзорлар мавжуд бўлиб, шундан 5,7 минг гектар хўраки, 5,6 минг гектар кишмишбоп ва 5,1 минг гектар саноатбоп токзорлар мавжуд.
Мазкур қарор ижроси доирасида Паркент туманида 5 минг 13 гектар, Қибрай, Пискент туманларида 3 минг гектар узумзорларни барпо этиш режалаштирилди. Вилоятда токзорлар майдони 27 минг 500 гектар. Узум ҳосилдорлигини 2 баробарга ошириб 350 минг тоннага етказиб, шундан 170 минг тоннасини экспортга чиқариш ва камида 40-50 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлашга эришилади.
Жорий йилнинг куз ва 2022 йилнинг қиш, баҳор ойларида Паркент, Қибрай туманларидаги корхона ва ташкилотлар томонидан тузилган кластерларда экспортбоп янги узум плантациялари ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, фермер хўжаликлари, кластерлар ва аҳоли хонадонларини сифатли узум кўчатлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида, вилоятда қўшимча камида 2 та “In-vitro” лабораторияси ташкил этилади.
2021-2022 йилларда янгидан ташкил этилаётган узумзорлардан олинадиган ҳосилни ҳисоб-китоб қилиб вилоятда йирик ҳажмли музлаткичли омборхоналар, қуритиш омборлари ишга туширилади.
Семинар иштирокчилари “Ободконхор” МЧЖда ташкил этилган замонавий узумзор билан танишди.
Элбек Шойим,
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ходими