Бу ҳақда “Toshkent-AERO” ихтисослаштирилган божхона комплекси хабар берди.

Қайд этилишича шу йилнинг 17 октябрь куни ИБК Контрабандага қарши курашиш шуъбаси ходимлари томонидан “Тошкент” халқаро аэропорти” чегара-божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан тезкор кузатувга олинган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари яқиндан ўрганилди.

Натижада Контрабандага карши курашиш тезкор ходимлари томонидан халқаро аэропортнинг йўловчиларни кутиб олиш жойида Абу-Дабидан учиб келган бир нечта йўловчилар томонидан божсиз олиб кириш нормаси доирасида олиб кирилган жами 13 дона “Iphone 16 Pro Max 256GB” русумли уяли алоқа воситаларини йиғиб олиб, аэропорт ҳудудини тарк этаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Телефонларнинг умумий тахминий қиймати 235 млн сўмни ташкил қилмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.