«Иссиқлик электр станциялари» АЖ томонидан бир қатор йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган.

Жумладан, Талимаржон ИEСда жами қуввати 900 МВтга тенг бўлган иккита, Навоий ИEС да 1300 МВтга тенг иккита буғ-газ қурилмалари ҳамда Тошкент ИEМда ҳар бирининг қуввати 32 МВтдан бўлган иккита газ турбина қурилмаларини қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Қолаверса, мавжуд электр станцияларининг хавфсиз ва барқарор ишлаши ҳамда техник хизмат кўрсатиш тизимини яратиш, ускуналарни модернизация қилиш, захира қисмларини етказиб бериш, хизмат кўрсатувчи ходимларининг имкониятларини ривожлантириш ва шу билан Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг юқори самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида ҳам қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Пойтахтимизда ўтаётган инвестиция форуми доирасида Япониянинг JICA агентлиги билан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш ва фаолиятдаги замонавий буғ-газ қурилмаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича 340 миллион доллар миқдорида келишувга эришилди.

Шунингдек, 2022 йил февраль ойида Италиянинг «AC BOILERS S.p.A» компанияси вакиллари билан анъанавий иссиқлик электр станцияларида барқарорликни ошириш мақсадида модернизация ишларини олиб бориш, амалдаги газ турбиналари ва буғ қозонларидан фойдаланишда иссиқлик қозонларининг самарадорлигини ошириш каби масалалар бўйича музокаралар ўтказилган эди. Ўзаро муҳокамалар натижаси сифатида форум доирасида «AC BOILERS S.p.A» компанияси билан «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ўртасида тизим корхоналарида «экологик тоза» энергия ускуналарини ўрнатган ҳолда қувватларни ошириш бўйича меморандум имзоланди, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Иссиқлик электр станциялари» АЖ маълумотига таяниб.