Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги "Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида"ги ПҚ-5151-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида йиғилиш бўлиб ўтди.  

Бош вазирнинг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ушбу йиғилишда мутасадди вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъуллари иштирок этишди. Жорий йил бўлиб ўтадиган кинофестивалнинг тайёргарлик жараёнларига бағишланган йиғилишда миллий кинематография, кинокомпания ва кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Мазкур йиғилишда шунингдек,  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимларининг туризим, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳам онлайн иштирок этишди.

Маълумот учун, эндиликда Президент қарорига мувофиқ, Тошкент халқаро кинофестивали  “Ипак йўли дурдонаси” номи билан Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари ўтказилади. 

Осиё, Aфрика ва Лотин Aмерикаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали 1968–1997 йилларда май ойи охири – июнь ойи бошида давлат кинематография қўмитаси ва киноарбоблар уюшмаси томонидан ташкил этилган.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати