Мамлакатимизнинг Ар-Риёддаги элчихонаси томонидан Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибияти билан ҳамкорликда 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференция якунларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда ИҲТ Бош котибининг ўринбосари Юсуф ал-Добеий, Котибиятнинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий ва ижтимоий масалалар бўйича департаменти раҳбарлари ва экспертлари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон элчиси, ИҲТдаги доимий вакил Улуғбек Мақсудов иштирокчиларни Тошкент халқаро конференциясининг мақсади, шунингдек, форум ишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақалараро ҳамкорлик, савдо-сотиқни ривожлантириш, транспорт йўлакларини барпо этиш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамалаш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга оид ташаббусларининг мазмун-моҳияти билан таништирди.
ИҲТ Бош котибининг ўринбосари Юсуф ал-Добеийнг айтишича, Тошкент форуми ҳам мазмун, ҳам ташкилотчилик жиҳатидан жуда юқори савияда ўтди. Юсуф ал-Добеий анжуман қатнашчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан республиканинг янги тарихидаги тинчликсевар ташқи сиёсатида илгари сурилган минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ташаббусини юқори баҳолаганини таъкидлади.
Тадбирда, қўшни минтақалар учун Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди. Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги ташаббуслари минтақавий хавфсизликни таъминлаш, биргаликда муаммоларнинг ечимини топиш ва мавжуд таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
Давра суҳбати якунида иштирокчилар «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатни 2022 йилда Исломобод шаҳрида бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 48-сессиясида алоҳида резолюция шаклида тасдиқлаш таклифини бир овоздан маъқуллади, деб хабар беради «Дунё» АА.