Жорий йил 30 ноябрдан 2 декабрга қадар Тошкентда “Ипак йўлида туризм—2022” 27-Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси (ТХТЙ)  бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Инновацион ривожланиш вазирлиги.

Ярмарка “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси павильонида ўтказилади. Унда туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш, ишбилармонлик алоқалари ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида турли конференциялар, Б2Б учрашувлари, давра суҳбатлари, сайёҳлик хизматлари ва ҳунармандчилик кўргазмалари, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига эга ҳудудларининг тақдимотлари, миллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказиладиган гастро-бозор ташкил этилади.

Кўргазма 1995 йилдан бери БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказилиб, ҳар йили сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини жамлаб, ушбу соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш учун шароит яратиб келмоқда.