Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига хизмат қилган махсус Telegram-бот аниқланди.
Маълумотларига кўра, ушбу бот орқали гумонланувчилар криптоактивларни қабул қилиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланган.
Тезкор чора-тадбирлар натижасида пойтахтнинг Юнусобод туманида мазкур ботни бошқариб келган уч нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан холислар иштирокида 4 дона мобил телефон, 3 дона ноутбук, турли банкларга тегишли 12 дона пластик карта, 11 дона SIM-карта ҳамда қоғозга ўралган гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, икки нафар гумонланувчининг уяли телефонлари кўздан кечирилганда, хорижий ва электрон криптоҳамёнлар орқали қарийб 95 мингта молиявий транзакция амалга оширилгани, криптоактивларнинг умумий айланмаси эса 2 миллион 375 минг АҚШ долларини ташкил этгани аниқланди.
Яна бир гумонланувчининг яшаш хонадони текширилганда, ундан 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.