Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
1995 йилда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида туғилган мазкур шахснинг жиноий фаолияти Фарғона вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан фош этилган. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси учинчи қисми «г» банди (ахборот тизимидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Маълум бўлишича, Фарғона тумани «Шоҳимардон» маҳалласида яшовчи фуқаро ИИБга мурожаат қилган. Унинг билдиришича, Telegram орқали номаълум шахс қўнғироқ қилиб, ўзини «Green Bio Face» МЧЖ вакили сифатида таништирган ҳамда «Омадли мижоз» лойиҳасида ғолиб бўлганини айтган. Фуқарога танланган маиший техника учун тўловнинг 80 фоизи қоплаб берилиши, қолган 20 фоизни эса кўрсатилган картага ўтказиш талаб қилинган.
Жабрланувчи фирибгарнинг гапларига ишониб, 3,5 миллион сўм пул ўтказиб берган.
Текширув давомида аниқланишича, гумонланувчи Telegramʼда «Green Bio» номли саҳифа очиб, «Laktovita» номли дори воситаси савдоси билан шуғулланувчи корхона орқали рўйхатдан ўтган 6 871 нафар мижознинг шахсий маълумотларини юклаб олган. Шунингдек, у Тошкент шаҳри, Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқароларга нисбатан ҳам шу турдаги жиноятларни содир этгани маълум бўлган.
Қўлга олинган шахс «сотув менежери сифатида ишлаганини, ишдан бўшагандан сўнг аввалги мижозларга қўнғироқ қилиб, 80 фоиз имтиёзли ваучер ютганини айтган ҳолда пул ўтказдириб олгани ва маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлагани»ни тан олган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИБ фуқароларни бу каби фирибгарлар алдовига учмасликка чақирди.
Қонунчиликка кўра, ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.