Экспорт фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, маҳаллий экспортчилар маҳсулотларини жаҳон бозорларига олиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ва Ўзбекистон бизнесни ривожлантириш уюшмаси ташаббуси ҳамда Туризимни ривожлантириш ассоциацияси кўмагида жорий йилнинг  19–22 февраль кунлари  пойтахтимизнинг “Grand Mir” меҳмонхонасида “Афғонистон–Ўзбекистон” бизнес форуми ташкил этилмоқда. Бугун форум очилиш маросимидан сўнг расман иш бошлади.

Тадбир давомида Афғонистон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги, Cаноат ва Кончилик ҳамда Транспорт ва Авиация вазирлари иштирок этиб, ўз йўналишлари бўйича мамлакатимиздаги вазирлик вакиллари билан учрашувлар кутилмоқда. Ушбу учрашувларда маҳаллий тадбиркорларимиз электроэнергетика, нефтни қайта ишлаш, фармацевтика, туризм-меҳмонхона, логистика, қурилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича ўз маҳсулотларини ҳамкор давлат ишбилармонларига намойиш этмоқда. Ва бир вақтнинг ўзида келишувлар бўйича шартномалар имзоланади. Ҳар бир иштирокчига маҳсулот тақдимоти учун 5 дақиқа вақт ажратилади. Бизнес форум доирасида делегация аъзолари учун иқтисодий зоналарга бизнес тур ва пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилади.

Мамлакатимизнинг 100 дан ортиқ тадбиркорлари иштирок этиш истагини билдирган бизнес форум доирасида икки давлат расмийлари ва тадбиркорлар учун  “B2B” учрашувлари ҳам ташкил этилади.

Юртимизнинг энг фаол тадбиркорлари ва талабгор давлат импортёрларини бир иқтисодий майдонда жамловчи мазкур тадбир, Ўзбекистон экспорт салоҳиятини бир неча баробарга ошириши кутилмоқда. Шу билан бирга, Афғонистон тадбиркорлари делегацияси орасида йирик инвесторлар бўлиб, улар Ўзбекистонда меҳмонхона, ресторан ва туризм йўналишларига сармоя киритиш истагини билдиришган.