Давлат хавфсизлик хизмати идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Тошкент ва Сирдарёда 2 ойлик боласини сотмоқчи бўлган аёлларни ушлади.  

Жумладан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган 36 ёшли аёл жорий йилнинг 3 февраль куни туғилган ўғил фарзандини 40 минг долларга сотаётган вақтда ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Бошқа бир ҳолатда эса Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи аёл жорий йилнинг 3 февраль куни туғилган қиз фарзандини Тошкент шаҳрида 20 минг долларга сотишга келишиб, ушбу пулларнинг 11500 долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айтиб ўтиш лозим, ушбу модда билан айбдор деб топилганлар 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.