Тадбир Ўзбекистонда ер ресурсларини комплекс бошқаришни (Integrated Land Management – ILM) жорий этиш бўйича илм-фан, амалиёт ва сиёсат интеграциясига бағишланди. Унда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчи олимлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ФАО мандатида ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш муҳим ўрин тутади. Тупроқлар озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва кўплаб муҳим экотизимлар учун муҳим асосдир. Қайд этилганидек, инновацион усулларга асосланган ер ресурсларини барқарор бошқариш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг озуқавий қийматини яхшилаш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ва уларни юмшатишга ёрдам беради.
Глобал Экологик Жамғарма (Global Environment Facility - GEF) молиявий кўмагида ФАО Ўзбекистонда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биохилма-хилликни сақлаш ва тупроқларни соғломлаштиришни таъминлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Улар “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” минтақавий лойиҳаси хамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни моҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” ва “Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш” лойиҳаларидир.
Фан ва инновациялар куни доирасида ФАОнинг юқорида қайд этилган лойиҳалари доирасида Ўзбекистонда ерларни уйғунлашган бошқарувини янада кенгроқ татбиқ этиш учун илм-фан ва инновация ютуқларини қўллаш бўйича маърузалар тингланди. Илмий жамоатчилик вакиллари, ФАО экспертлари, вазирлик ва идоралар мутахассислари мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.