Ўзгидромет директори Шерзод Ҳабибуллаевнинг таъкидича, бу ҳолат бир вақтнинг ўзида кучайиб намоён бўлган бир нечта табиий омиллар билан боғлиқ.
Биринчи омил – кескин ҳарорат алмашиши ва инверсия. Жорий ҳафтада ҳаво ҳарорати тез ўзгарди. Иссиқ кунлардан совуқ кунларга ўтиш даврида инверсия деб аталувчи табиий жараён юзага келади. Инверсия пайтида совуқ ҳаво пастда, иссиқ ҳаво юқорида қолади ва ҳаво қаватлари аралашмайди. Шу боис майда заррачалар паст ҳаво қатламида тўпланиб, қисқа вақтда концентрация ошади. Бу жараён Тошкент, Олма-ота, Бишкек, Душанбе каби шаҳарларда ҳар йили ноябрь–февраль ойларида кузатилади.
Иккинчи омил – ёғингарчиликнинг йўқлиги. Синоптиклар маълумотларига кўра, ноябрь ойи бошидан бери Тошкентда деярли ёмғир ёғмади. Ўзгидромет директори таъкидлаганидек, ёғингарчиликнинг етишмаслиги ҳаводаги майда заррачаларнинг табиий ювилишини секинлаштиради ва уларнинг атмосферада узоқ туриб қолишига сабаб бўлади.
Учинчи омил – арид жараёнларнинг кучайиши ва табиий чангланиш. Ўзбекистон табиий жиҳатдан қуруқ ва ярим қуруқ иқлим ҳудудида жойлашган. Арид жараёнлар кучайиши, ўсимлик қопламининг қисқариши ва иқлим исишининг таъсири сабаб табиий чангланиш ошмоқда. Шунинг учун бу йил чангланиш одатдагидан кўпроқ намоён бўлди, ҳатто шамол паст бўлган кунларда ҳам PM10 кўрсаткичи ошиши кузатилди.
Синоптиклар прогнозига кўра, амалга ошган инверсия жараёни 24 ноябргача давом этиши мумкин. Шу вақтгача майда заррачаларнинг маълум даражада сақланиб туриши табиий ва мавсумий ҳолдир. Ҳаво барқарорлашиши билан ҳаво сифати ўз-ўзидан сезиларли яхшиланади.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимиятлар, коммунал хизматлар ва масъул идоралар томонидан қуйидаги амалий ишлар олиб борилмоқда:
- кўча ва йўлларни намлаш;
- яшил ҳудудларни қўшимча суғориш;
- жамоат жойларини нам тозалаш;
- аҳоли учун тавсияларни етказиш;
- атмосфера ҳавосини доимий мониторинг қилиш.
Шерзод Ҳабибуллаевнинг таъкидлашича, кузатилаётган ҳолат табиий, вақтинчалик ва мавсумий жараёндир. Унинг сўзларига кўра, барча ваколатли органлар вазиятни доимий назорат қилмоқда ва аҳоли муҳим ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида хабардор қилиб борилади.