Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида ижарага олинган хонадонлардан бири кўздан кечирилганда, у ерда яширин нарколаборатория ташкил этилганлиги маълум бўлди. Аниқланишича, ушбу ноқонуний фаолият билан 2007 йилда туғилган қиз ва 2003 йилда туғилган талаба йигит шуғулланиб келишган.

Қўлга олинган "кимёгар" талабанинг мобил телефони текширилганда, унга келган геолокация маълумотлари аниқланди. Ушбу йўналиш бўйича Янгиҳаёт туманидаги дала майдонида ўтказилган қидирув натижасида, "закладка" (яшириб кетиш) усулида кўмилган 1 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор қидирув тадбирлари пойтахтнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттирилди. Натижада заҳарли моддаларни шаҳар бўйлаб тарқатиш билан шуғулланган 9 нафар "закладчик" гиёҳвандлик воситаларини олаётган вақтида ушланди. Ушбу шахсларнинг таркиби эса жамоатчиликни ташвишга солади:

  • 3 нафари пойтахтдаги нуфузли олий таълим муассасалари талабалари;
  • 6 нафари эса оддий фуқаролар бўлиб, уларнинг орасида бу жиноят билан оилавий шуғулланиб келаётганлар ҳам борлиги аниқланди.

Тезкор тадбирлар якунида жами 2 килограмм (тахминан 10 минг доза) синтетик гиёҳвандлик воситаларининг муомалага чиқиб кетиши ва тарқалишининг олди олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.