Форум Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, “Ўзбектелеком” АК, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, у Марказий Осиё, Эрон ва қўшни давлатлар Интернет тармоғининг ривожланишида минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Иштирокчилар Марказий Осиёда пиринг ва IXP (трафикни улаш ва алмашишнинг асосий нуқта)ларни илгари суришнинг асосий мавзуларини муҳокама қилдилар. Буларга қонунчилик ва меъёрий масалалар, минтақавий ва халқаро уланиш имкониятлари, IXP учун молиялаштириш ва ресурслар, CDN ҳостинги ва тармоқ хавфсизлиги, барқарорлик ва чидамлилик, шу жумладан RPKI (Очиқ калитларнинг ресурс инфратузилмаси) киради. Интернетни ўлчаш воситаларига ҳам алоҳида эътибор берилди. Форумда “Ўзбектелеком” АК ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети мезбон сифатида иштирок этди.

Расмий очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос сўзга чиқди. Маросимда шунингдек RIPE NCC бошқарувчи директори Ханс Петтер Холен, “Ўзбектелеком” АК бошқаруви раисининг истиқболли ривожланиш ва инновациялар бўйича ўринбосари Акмал Арифжонов ва Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалоловлар иштирок этди.

Олег Пекос таъкидлаганидек, иқтисодиётнинг турли тармоқларининг кенг миқёсда рақамлаштирилиши, давлат ташкилотларининг рақамли форматга ўтказилаётгани, иқтисодий фаолликнинг ўсиши ва хорижий инвесторларнинг кенг жалб этилиши мамлакатимизда доменларни рўйхатдан ўтказиш сонининг кўпайишининг бевосита натижасидир. Сўнгги 6 йил ичида .UZ зонасида бу кўрсаткич 200% ни ташкил этди.

Форумда таъкидланишича, Рақамли технологиялар вазирлиги ташаббуси билан RIPE NCC ва “Ўзбектелеком” АК ўртасида уч томонлама меморандум имзоланган. Мазкур меморандумга мувофиқ, 2023 йил март ойидан бошлаб “Ўзбектелеком” АК ходимлари “IPv6 Basics” ва “IPv6 Advanced” онлайн курсларини ўтяпти. У, айниқса, ушбу таълим дастурлари “Ўзбектелеком” АК мутахассисларига илғор жаҳон тажрибасига таянган ҳолда интернет протоколлари соҳасидаги замонавий технологиялар ва стандартларни ўзлаштириш имконини беради.

Кейинги сессияларда иштирокчилар тармоқ хавфсизлиги ва Интернет барқарорлигининг муҳим жиҳатларини, жумладан, Интернет хавфсизлигини ўлчаш ва таъминлаш, пост-квант шифрлаш ёрдамида тармоқ хавфсизлигини ошириш, Марказий Осиёда ташқи Интернет сервислар билан алоқа сифатини аниқлаш учун RIPE атласидан фойдаланиш ва RPKIни янгилашни муҳокама қилдилар.

Мазкур форум Марказий Осиё минтақасида телекоммуникация технологиялари ва тармоқлар хавфсизлиги соҳасида ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашишни кучайтириш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида IT-хаби сифатидаги ролини таъкидлаш мақсадида ташкил этилган, деб хабар беради “Ўзбектелеком” АК матбуот хизмати .

Маълумот учун: CAPIF 2 – бу тармоқ муҳандислари, пиринг координаторлари, интернет провайдерлари, булутли сервис маъмурлари ва маълумотларни қайта ишлаш маркази операторлари учун икки кунлик тадбир бўлиб, унинг доирасида нетворкинг учун учрашувлар, тақдимотлар ва тармоқ сеансларини бўлиб ўтади.

Марказий Осиё денгизга чиқиш йўли бўлмаган, бошқа минтақалар ва давлатлар, жумладан, Хитой, Эрон, Россия ва Кавказ учун Интернет чорраҳасига айланиш учун катта салоҳиятга эга минтақадир.

RIPE NCC техник Интернет-ҳамжамиятининг асосий аъзоларини бирлаштирган 30 йиллик тажрибага эга ва Европа, Яқин Шарқ ҳамда Марказий Осиё учун минтақавий Интернет регистратори ҳисобланади. RIPE NCC Интернет-провайдерлар (ISP) ва бошқа ташкилотлар учун Интернет рақамлаш ресурс блокларини, шунингдек ASN рақамларини ажратади ва рўйхатдан ўтказади.

RIPE NCC, шунингдек, RIPE (Réseaux IPEuropéens) ҳамжамиятини ва кенгроқ Интернет ҳамжамиятини қўллаб-қувватлаш учун фаолият юритадиган нотижорат ташкилотдир.