2021 йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида “ItaliAE. Ака-ука Алинаридан тортиб, замонавий фотография усталарига қадар” номли кўргазма иш бошлади. 

Кўргазманинг мақсади Италиянинг калейдоскопик тасвирини ностереотип тарзда тақдим этишдан иборат. Шунинг боис намойиш ItaliAE деб номланган бўлиб, у фотосуратлар сайланмаси орқали ҳамма нарсани ўз ичига олади.

Кураторлар ўз мақсадларига эриша олди: томошабин Италия муҳитига шўнғийди, чунки атрофдаги ҳамма нарса — нафақат ландшафтлар, бинолар ва Этна тоғи, балки булутлар, қарашлар, чеҳралар, ҳис-туйғулар ва фотосуратга санъат сифатида ёндашишнинг ўзи ҳам “итальянча”.

Экспозиция уч қисмдан иборат: “Пейзаж”, “Меҳнатлар” ва “Чеҳралар”.

Кўргазма Италия элчихонаси томонидан Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги, Fratelli Alinari IDEA компанияси ва Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Кўргазма 12 ноябргача давом этади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати. Шунингдек, хабар орқали кўргазманинг иш вақти: 9:00-18:00да, манзили эса: Мирзо Улуғбек тумани, Содиқ Азимов кўчаси, 35-уй эканлиги маълум қилинган.