Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ маълум қилди.
Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1985 йилда туғилган аёл назоратдаги харидорга 750 минг сўмга кучли таъсир қилувчи дори воситасини 13 ёшли жияни орқали етказиб берган пайтда қўлга олинди.
Унинг уйидан қиймати 20 миллион сўм бўлган 162 дона дори топилиб, далилий ашё сифатида расмийлаштирилди.
Давом эттирилган тадбир натижасида, ушбу аёлни дорилар билан таъминлаб келган икки нафар шахс ҳам 23 миллион сўм эвазига 278 дона дори сотган вақтда ушланди. Уларнинг автомобили ва уй-жойидан қўшимча 67 дона препарат аниқланди.
«Жиноят занжири»ни тўлиқ узиш мақсадида тадбир Фарғона вилоятида давом эттирилиб, Дангара ва Қўқон шаҳрида яшовчи 4 нафар шахс 44 миллион сўмга 738 дона дори сотаётган пайтда қўлга олинди.
Умумий ҳисобда, тезкор тадбирлар давомида 150 миллион сўмлик 1 343 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди. Бу минглаб фуқароларнинг зарарли дорилар таъсирига тушиб қолишининг олдини олди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251¹-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, 6 нафар гумонланувчига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.