Айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё халқаро институти расмий очилиш маросими қатнашчиларига табригини Т.Норбоева ўқиб эшиттирди.
Маросимда сўзга чиққанлар бу институт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилганини алоҳида эътироф этмоқда.
Мазкур институт, энг аввало, минтақа давлатлари ҳамкорлигини ҳар томонлама кенгайтиришга қаратилган стратегия ва дастурларнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, уларни илмий асосланган ҳолда чуқур таҳлил ва тадқиқ қилиш билан шуғулланади.
Шунингдек, минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган изланишларни, Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ турли бошқа таҳдид ва муаммоларни самарали ҳал этишга қаратилган тизимли тадқиқот ишларини йўлга қўяди.
Бундан ташқари, қўшни давлатларнинг ташқи сиёсат концепция ва мақсадларини таҳлилий ёндашувлар асосида пухта ўрганади, минтақавий аҳамиятга эга турли лойиҳаларни батафсил таҳлил қилади.