Учрашувда Ҳиндистон наркотикларни назорат қилиш бюросидан Сатья Прадхан, Қозоғистон ички ишлар вазирлиги ходими Асқар Мухаметкалиев, Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Лян Юн, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги вакили Нурлан Турусбеков, Покистон наркотикларни назорат қилиш вазирлиги ходими Рашид Минхас, Россия ички ишлар вазирлиги вакили Кирил Смуров, Тожикистон Президенти ҳузуридаги гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармасининг Илмий-техникавий ҳамкорлик масалалари агентлиги вакили Раҳмонали Раҳимзода, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Олим Нарзуллаев  тадбирни қутлов нутқи билан очди.

«Бугунги кунда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашиш мавзуси минтақада пайдо бўлаётган гиёҳвандлик ҳолати ва ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига аниқ-равшан таҳдид фонида тобора долзарб бўлиб бормоқда.

2021 йилда Ўзбекистонда гиёҳванд моддалар билан боғлиқ вазият афғон афюнлари ноқонуний савдосининг кўпайиши, шунингдек, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг интенсив тарқалиши билан тавсифланди. Асосий муаммолар орасида кучли гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишни кучайтириш тенденцияси мавжуд», деди  Олим Нарзуллаев.

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги