Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида чемпионатга тайёргарликнинг бориши, Халқаро дзюдо федерацияси талабидан келиб чиққан ҳолда мусобақалар жараёнида оммавий ахборот воситалари ходимларининг фаолиятини мувофиқлаштиришга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилганидек, бугунгача 72 та мамлакат терма жамоалари Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш талабномаларини тақдим этган бўлса, яна 70 та давлат терма жамоалари талабномаларни тақдим этиш бўйича терма жамоаларининг сўнгги рўйхатини шакллантирмоқда.
Эркаклар ва аёллар жамоаларимизнинг хориж йиғини якунлангач, дзюдочиларимизнинг ҳолатига қараб мусобақада курашадиган тўлиқ таркиб расман эълон қилинади.
Жаҳон чемпионати тафсилот ва жараёнларини дунё дзюдо ихлосмандларига етказиш, унинг бетакрор беллашувларини фото ва видео тасмаларга муҳрлаш учун 70 дан зиёд хорижий ахборот воситалари Халқаро дзюдо федерацияси томонидан аккредитациядан ўтган.
Чемпионат доирасида Халқаро дзюдо федерациясининг навбатдаги ижроия қўмитаси йиғилиши ҳам Тошкентда ўтади, унда дзюдонинг халқаро ривожи борасида бир қатор қарорлар қабул қилиниши кутиляпти.