Унда Тошкентда «Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида маҳалла институтининг оилаларни мустаҳкамлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги ўрни» мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция натижалари ёритилган.

«Ушбу халқаро тадбир Олий Мажлис Сенати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти томонидан Ташқи ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат бошқаруви академияси, Тараққиёт стратегияси маркази, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан биргаликда ташкил этилди», деб қайд этади нашр.

Халқаро қонференцияда UNFPA, UNICEF, OSCE, USAID, KOICA ваколатхоналари ходимлари, Россия, БАА, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон  дипломатик миссиялари вакиллари қатнашгани таъкидланган.

Материалда маҳалла Ўзбекистон халқи учун миллий қадриятларини кучайтиришда катта роль ўйнайдиган жамоат институти эканига алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Маҳалла зиммасига кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш, оилавий можароларни ечиш, ажримларни олдини олиш, аҳолини рўйхатдан ўтказиш ва бошқа вазифалар киради», деб қайд этади Индонезия сайти.

Мақолада, шунингдек, тадбирда маҳалла институтининг роли «Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилига мос равишда амалга ошириш, оилани мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилингани айтиб ўтилган.

«Конференция якунида халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, оила ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришда маҳалла институтининг ролини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди», деб ёзади «Kompasiana» сайти.