Юртимиз вакиллари меҳмонларни пойтахтимиздаги “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида кутиб олди. Нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Субботин, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон-Белорусия ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси А.Икромов, Белорусия Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон-Беларус ишбилармонлар кенгашининг Беларус томони ҳамраиси В.Уловович ва масъул вазирликлар ҳамда идоралардан вакиллар, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Белорусия ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар савдосини янада такомиллаштириш борасида сўз борди. Савдо-саноат палатаси раиси А. Икромов ўз нутқида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади.
Белоруссия Республикаси Ўзбекистоннинг ўнта асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади. савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир. Шу жиҳатдан, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшмоқда.
Шунингдек, тадбирда икки мамлакат ишбилармон доираларининг “B2B” ва “B2G” форматидаги учрашувлари ташкил этилди. Очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилашга ҳамда Ўзбекистон ва Белорусия ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон-Белорусия ишбилармонлар кенгашининг ҳаракатлар режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 2022 йилга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тўлақонли амалга оширишга тайёр эканлигини билдириб, келгусида амалий натижаларга эришилишига ишонч билдирди.
Маълумот учун, 2019 йилда Белорусияда Ўзбекистон ишбилармон доиралари иштирокида "Made in Uzbekistan" кўргазмаси, 2020 йил 25-26 феврал кунлари Тошкентда Ўзбекистон ва Белоруссия қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва агросаноат мажмуаси ишлаб чиқарувчилари иштирокида Агрофорум, 2020 йил 16 июндан 19 августга қадар Белорусия Савдо-саноат палатаси томонидан 200 дан ортиқ ўзбек компаниялари иштирокида "Made in Belarus" онлайн-кўргазмаси ташкил этилган.