"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ахборот хизмати мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Маълумотларга кўра, соат 17:50 атрофида 104-йўналишда ҳаракатланган “Saz LE 60” русумли автобус ҳайдовчиси С.А. Янги Сергели кўчасида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган фуқароларга йўл бермаган. Натижада пиёдалар ҳаётига хавф туғилиб, улардан бирининг қўлидаги мобил телефон ва бошқа буюмлар ерга тушиб кетган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Ҳолат "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ раҳбарияти, ҳаракат хавфсизлиги бўлинмаси, 12-автобус саройи масъуллари ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари иштирокида танқидий тарзда кўриб чиқилди.
Текширув натижаларига кўра, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, мазкур ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.