Хабарда айтилишича, олдиндан кузатувга олинган Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ профилактика инспекторининг хизмат хонадони кўздан кечирилди. Натижада инспектор ушбу хонадонда нарколаборатория ташкил этгани аниқланди.
У ердан ўрами билан жами 10 кг 500 гр «Альфа-ПВП» ва 4 гр «Спайс» синтетик наркотиклари, шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини тайёрлашда фойдаланиладиган 588 гр суюқлик, асбоб-ускуналар ва электрон тарози борлиги маълум бўлиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, профилактика инспекторининг Тошкент вилояти Тошкент туманидаги доимий яшаш хонадони текширилганда, ерга кўмиб яшириб қўйилган, тахминий оғирлиги 430 гр бўлган «Альфа-ПВП» наркотик моддаси борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, ички ишлар ходими «Telegram» мессенжери орқали синтетик гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи профиль эгаси топшириғи асосида, наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга олиб келинган моддаларни қабул қилиб олиб, яширин лаборатория шароитида ажал оғусини тайёрлаб, тарқатиш билан шуғулланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ангрен шаҳар ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса наркотик моддаларни «закладка» усулида тарқатиб, сотиш билан шуғулланиб келаётган, Ангрен шаҳрида яшовчи 2000 йилда туғилган шахс ўзининг 2001 йилда туғилган жиноий шеригидан 971 гр «Катинон» синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олган вақтида уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.
Муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган мазкур 25 ёшли шахс қабул қилиб олган ажал оғусини келгусида кичик бўлакларга тақсимлаб, сотиш орқали мўмай даромад топишни режалаштирган.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, қонунчиликка мувофиқ, ҳар икки ҳолат бўйича ҳам гумондорларга нисбатан 10 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.